O`zbekiston

Коррупцияга қарши курашиш масаласи Конституцияда белгиланиши керакми?

Кейинги         пайтларда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда қайсидир мансабдорнинг пора билан қўлга тушгани билан боғлиқ хабарлар кенг муҳокама қилинмоқда. Демак, коррупция масаласи ҳар бир шахс, жамият ва давлат учун жиддий муаммо ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасига биноан амалдаги Конституциянинг бир қатор моддаларига коррупцияга қарши курашишга оид нормаларни киритиш назарда тутилмоқда.

Улар қуйидагилардан иборат.

Биринчидан, Конституцияда фуқаролик жамияти институтларининг конституциявий мақоми такомиллаштирилмоқда. Айтиш жоизки, коррупцияга қарши курашишда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва роли ниҳоятда муҳим. Агар коррупцияга қарши курашиш бўйича юқори натижаларга эришган дунё давлатларининг тажрибасига назар ташласак, уларда коррупцияга          қарши курашишда жамиятнинг иштироки жуда ҳам фаол эканини кўришимиз мумкин.

Конституциянинг 56-моддасида фуқаролик  жамияти  институтларининг аниқ ҳуқуқий мақоми, уларнинг турлари (маҳаллалар, сиёсий партиялар, ҳаракатлар, оммавий ахборот воситалари, касабауюшмалари, жамоат фондлари ва шахсларнинг бошқа жамоат бирлашмалари), мақсади (фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, демократик  қадриятларни ҳимоя қилишга, ижтимоий ҳамда  маданий мақсадларга эришиш учун кўмаклашишга, жамиятнинг маънавий ва бошқа номоддий эҳтиёжларини қаноатлантириш)нинг белгиланиши коррупцияга қарши курашишда кенг жамоатчиликнинг имкониятларини рўёбга чиқариш, фуқароларнинг фаол позициясини шакллантириш, таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишга хизмат қилади.

Иккинчидан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биргаликдаги ваколатларига Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги ҳар йилги Миллий маърузани кўриб чиқишни ҳам киритиш таклиф этилмоқда. Мазкур таклиф коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатини самарали амалга ошириш имкониятларини кенгайтиради.

Таъкидлаш керакки, коррупцияга қарши курашувчи органнинг коррупцияга қарши курашиш тўғрисида    Миллий маърузаси парламент томонидан тингланиши алоҳида аҳамиятга эга. Чунки коррупцияга қарши курашиш ҳолати ва унинг натижалари, йўл қўйилган камчиликлар халқ вакиллари томонидан муҳокама қилиниши демократиянинг муҳим жиҳатларидан бири саналади.

Учинчидан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилишда парламент иштирокини таъминлаш учун юқори палата – Сенатга Ўзбекистон Республикаси Президентининг Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорини тайинлаш ҳамда лавозимдан озод этиш билан боғлиқ фармонларини тасдиқлаш ваколати берилмоқда. Бу, ўз навбатида, Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг парламент олдидаги ҳисобдорлигини таъминлайди.

Демак, Конституциямизга коррупцияга қарши курашишга оид нормаларнинг киритилиши, биринчидан – шахснинг, иккинчидан – жамиятнинг, учинчидан – парламентнинг, тўртинчидан – Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг фаоллиги ва имкониятлари ҳамда масъулиятини оширишга хизмат қилади.

Жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман судининг раиси М.Хакимов

 

Related Articles

Back to top button