УЗУН ТУМАНИДАГИ ФЕРМЕРНИНГ САРСОН БЎЛАЁТГАНИ ҲАҚИДА УЗУНДАН-УЗУН ҚИССА… (Давоми)
Узун туманидаги «Зоҳидбек Каримов» фермер хўжалигига Узун тумани ҳокимининг 2019 йил 23 январдаги Q-233-сонли қарори билан 4,1 гектар қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ер майдони қўшиб берилди. Шу ер майдонини қўшиб бериш учун туман ҳокимлигига фермер хўжалиги томонидан ҳеч қандай мурожаат бўлмаган.
Айнан қўшилган шу ер майдони учун туман Ер ресурслари ва давлат кадастри томонидан ер майдонини узоқ муддатли ижарага бериш тўғрисидаги шартнома тузилди ва шартномаган туман ҳокими, фермер хўжалиги раҳбари ва туман Ер ресурслари ва давлат кадастри бошлиғи томонидан имзоланиб думолоқ муҳр босилди. Аммо худди шу шартномани давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги ёзувлар рўйхатга олиш китобига киритилмаган. Ижара шартномаси «Зоҳидбек Каримов» фермер хўжалиги раҳбарига 2022 йил январи ойида берилган. Шу ижара шартномасида белгиланган тартибда имзоланган бўлсада ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида маълумот йўқ.
2022 йил 10 март куни Термиз туманлараро судида аризачи «Зоҳидбек Каримов» фермер хўжалигининг аризасига асосан қўзғатилган маъмурий ишда аризачининг аризаси қаноатлантирилмаслигига асосий сабаблардан бири ижара шартномаси давлат рўйхатидан ўтказилмаганлиги сабаб бўлди.
Ана энди асосий масала-фермер хўжаликларига ижарага берилган ер майдонини давлат рўйхатидан ўтказилмаганлиги учун ким айбдор эканлигини аниқлаш зарур.
Ўша пайтда амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 31 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасида давлат ер кадастрини юритиш тўғрисида»ги 543-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасида давлат ер кадастрини юритиш тўғриси»да низомнинг 13-бандида қайд этилишича Қуйидагилар давлат ер кадастрининг мазмунини ташкил этади: ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш, ер миқдори ва сифатини ҳисобга олиш (тупроқ бонитетини аниқлаш), ерни қиймат жиҳатидан баҳолаш, шунингдек ер кадастри ахборотини тизимлаштириш, сақлаш, янгилаш ва манфаатдор шахсларга тегишли шакллар ва ҳажмларда бериш.
Ўша пайтда қонуний кучга эга бўлган ушбу ҳужжат талабларига кўра ижара шартномасини давлат рўйхатидан фақат туман Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимининг вазифаси ҳисобланади.
Ушбу ҳуқуқий ҳужжат 2021 йил 22 июн куни ўз кучини йўқотган.
Лекин «Зоҳидбек Каримов» фермер хўжалигига Узун тумани ҳокимининг 2019 йил 23 январдаги Q-233-сонли қарори билан 4,1 гектар қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ер майдони қўшиб берилгандан сўнг уч томонлама имзоланган ижара шартномаси давлат рўйхатидан ўтказилмаганлиги сабабли «Зоҳидбек Каримов» фермер хўжалиги зарар кўрди яъни унинг қонуний аризаси Термиз туманлараро маъмурий суди томонидан рад этилди.
«Зоҳидбек Каримов» фермер хўжалиги шу масалада Ўзбекистон Республикаси Давлат Солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агенлиги идорасига бир неча марта, Сурхондарёдаги Кадастр агентлигига ўн мартадан ортиқ, Узун тумани Кадастр агентлигига неча марта сарсон бўлиб борганини фермернинг ўзи ҳам билмаса керак.
Фермернинг шунча сарсон бўлишига ким жавоб беради, адолат тикланиши учун яна қанча сарсон бўлади?
Бу саволга Ўзбекистон Республикаси Давлат Солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агенлиги раҳбарларидан жавоб кутамиз.
(Давоми бор)
Шавкат