Madaniyat

Расмий баёнот

Куни кеча “UzA.uz” сайтида журналист Анора Содиқованинг “Дунёдан узилган, 80 йилдан бери электр келишини кутаётган қишлоқдан репортаж” сарлавҳали танқидий мақоласи эълон қилинди.

Унда Сурхондарё вилояти, Сариосиё тумани, “Шабнам” маҳалласи “Вочах” қишлоғи фуқароларига электр энергия етиб бормагани ҳамда бошқа хизматлар кўрсатилмаётганлиги, туман раҳбарлари аҳоли муаммоларини ўрганмаганлиги маълум қилинган.

Жумладан, мақоладаги 1-масала,
80 йилдан буён уйларига электр келиб бир бор бўлсада хонадонига ёруғлик киришини, невараларини қувонтиришини истаб, кейин ўлимга ҳам тайёр бўлган момолар, боболар борлигини ҳис қила оласизми? … 6 км. масофадан электр тортиб келиш муаммо. Лампочка ёқишга омбудсман ҳам аралашган;

— “Вочах” қишлоғи туман марказидан 60 км узоқликда, денгиз сатҳидан 2700 метр баландликда жойлашган. Қишлоқда 112 нафар фуқаро истиқомат қилади. 2017 йилда хонадонларга давлат томонидан 19 дона, мактабга 4 дона ҳамда қишлоқ врачлик пунктига 2 дона қуёш батарейкалари ўрнатиб берилган.
Шунингдек, Энергетика вазирлиги ҳамда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ нинг юқоридаги ҳолат юзасидан билдирган расмий муносабатида, “Вочах” қишлоғи тумандаги электрлаштирилган энг чекка қишлоқ “Қарш” қишлоғидан 12 км баландликда жойлашганлиги сабабли электр тармоғини тортишнинг техник имкони йўқлигини билдириб, қишлоқни электрлаштириш учун муқобил электр энергияси ўрнатиш бўйича вилоят ҳокимлигига таклиф киритилганлигини маълум қилинган.

2-масала, Мутасаддилар йиллар давомида Вочах қишлоғини бирон маротаба бориб ўрганишга вақт топа олмаган;

— Жорий йилнинг январ ойида Сурхондарё вилоят ҳокими Тўра Боболов ҳамда мутасаддилар Сариосиё туманидаги тоғли қишлоқларга ташриф буюриб, улар томонидан аҳоли муаммолари ўрганилган.

Аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар режаси белгилаб олинган. (Ташриф буюрилган қишлоқлар яқинидаги аҳоли муаммолари ҳам)
Ташрифдан бир ой муддат ўтгач, “Кундаижувоз” қишлоғи аҳолиси хонадонларига 40 (қирқ) дона 300 Вт монокристал фотоэлектр қуёшли батарея панеллари масъуллар томонидан етказилиб ўрнатиб берилган.

Жорий йилнинг июн ойида эса, “Кундаижувоз” қишлоғида жойлашган мактабга ҳам қуёш панеллари ўрнатилган.

Шунингдек, жорий йилнинг май ойида вилоят ҳокими, вилоят сектор раҳбарлари ҳамда туман ҳокими олис тоғ қишлоқларига ташриф буюриб, аҳоли муаммолари ўрганилган ва озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим кечаклар тарқатилган.

Мақолада танқид остига олинган тоғли “Вочах” қишлоғига (“Источ” қишлоғига ҳам) вилоят ҳокими ўринбосари Абдусалом Хўжақулов ҳамда Сариосиё тумани ҳокими Ўктам Тўраевлар ташриф буюриб, аҳоли билан учрашган ва уларга озиқ-овқат (ун, ёғ) маҳсулотлари тарқатган.

3-масала, … бирон марта ахлат машина келмаган бўлсада, ахлат пулини тегишли идораларга тўлаб келишади;

— Бугунги кунга қадар чиқиндиларни олиб кетиш бўйича Вочах қишлоғи аҳолиси билан «Тоза ҳудуд» ДУК ўртасида шартнома тузилмаган ҳамда аҳолидан пул маблағ ундирилмаган.

4-масала, … қишлоқ аҳли шу вақтгача бирон марта болалар учун ёрдам пули ва бошқа моддий қўлловларни сўрамаган ва олмаган экан;

— Бугунги кунда Вочах қишлоғидаги 1 та оилага 2 ёшгача , 4 та оила 14 ёшгача бола парвариши нафақаси тўлаб келинмоқда. Қишлоқда яшовчи 1 оилага жорий йилнинг июл ойига қадар 2 ёшгача бола парвариши тўланган. Ушбу оила фарзанди 2 ёшга тўлганлиги ҳамда оила даромади белгиланган меъзондан ошганлиги сабабли август ойида нафақа тўхтатилган.

5-масала, … патронаж ҳамширалар йўқлиги.

— Потронаж фелдшер Бердиев Ахмад тоғли Карш ва Вочах қишлоқларига бириктирилган бўлиб, ундан ташқари қишлоққа режа асосида бир ойда бир маротаба эмланиши керак бўлган болаларни эмлаб, аҳоли соғлигидан хабар олиш мақсадида, 68-ҚОП шифокорлари бориб хабар олишган. (Ушбу маълумот асослари мутахассислар томонидан ўрганилмоқда)

Ўхшамаган ўхшатма…

— Мультфильм нима деб сўрасангиз, ширинлик бўлса керак, деб жавоб берадиган беғубор болалар борлигидан хабардормисиз?

2016 йилда Президент томонидан «Шабнам» маҳалласи «Вочах тоғ» қишлоғи оилаларига 14 та, мактабга 4 та қуёшдан энергия олувчи кичик батарейкалар топширилган эди. Буни қишлоқ аҳли тўй қилиб қаршилаган. Қурби етган батарейкаларга ишониб, телевизор сотиб олган. Аммо, 3, 4 ой ўтгач, батарейкалар қуввати тугаб, яроқсиз ҳолга келган ва яна одамлар қоронғиликда қолиб кетган. (Журналист мақоласидан)

УзА журналисти ўзи таъриф берганидек, фантазияга берилиб “ижод” қилмай, холисликни унутмаган ҳолда, ҳиссиётларга эрк бермасдан, мурожаатни кенгроқ ўрганиб, лоақал масъуллардан изоҳ сўраган ҳолда (ҳеч бўлмаганда тушунмаган соҳасини) оммага ахборот тарқатса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бундай нохолис, бир ёқлама материални эълон қилиб, ўқувчиларни чалғитишдан мамлакатнинг давлат ахборот агентлигига қандай манфаат бор? Бу ҳаракатлар ўзларини энг «ишончли», «тезкор» маълумот тарқатувчи давлат идораси сифатида тарғиб қиладиган агентликка, қолаверса Президентимиз олиб бораётган сиёсатга ишончсизликни келтириб чиқармайдими? Бундай хулосага келиш учун эса мақолани ўқиган холис ва соғлом фикрли инсонларда етарли асос пайдо бўлади.

Сариосиё тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати

Related Articles

Back to top button