Bu qiziq

«Ҳеч нарсани эслай олмайман…»

Хотирани ўчирадиган восита борми?

Америкалик таниқли фантаст ёзувчи Альфред Бестерннинг «Юзсиз одам» асари бор. Унда узоқ келажак тасвирланган бўлиб, инсоният шу қадар инсонпарварлашиб кетганки, ҳатто, қамоқхона йўқ ва ўлим жазоси ҳам бекор қилинган. Келажакда жиноятчилар билан бошқача курашишади, яъни қотил ёки каззобнинг хотирасини ўчириб ташлайдилар. Жиноятни содир этган киши ўтмишини батамом унутиб, ҳаётини «тоза саҳифадан» бошлайди. Альфред Бестерн вақти келиб, бу ғоясининг амалга ошиши ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаган бўлса керак…

Ёдингизда бўлса, Калугада хотирасини бутунлай йўқотган тўрт кишини телевизор орқали кўрсатишди. Улар ўз ўтмишини тамоман унутган эди. Ҳеч нарсани хотирлай олишмайди: исми, фамилияси, оиласи, иши, умуман, ҳаммасини батамом эсдан чиқарган.

Қарангки, биттасининг омади бор экан. Уни телевизор орқали кўрсатишганида, хотини таниб қолди. Аммо… оиласига қайтгани билан у ҳеч кимни ва ҳеч нимани эслай олмади, ҳеч кимни танимади.

Кейингиси эса ҳеч нарсани эслай олмай, камерага беҳис боқиб турарди. Исми ҳам, ўзи ҳақида ҳам бирор нарса маълум эмас. Шифокорлар уни шунчаки Шурик, деб аташди. Учинчи нотанишни эса муқаррар ўлимдан олиб қолишганди. У поезд йўлида кетиб бораётган экан.  Қаршисидан келаётган поезд 100-120 қадам қолганида қутқариб қолишган.

Ўттан йили Новосибирск шаҳрида ҳам қизиқ воқеа бўлди. Шифокорлар Серёжа деб исм қўйган киши ўзининг янги ҳаётини иш излашдан бошлади. Тўғри шаҳар милиция бошқармасига борди. Бирорта ҳужжати йўқ, ҳеч нарсани эслолмайди. Хуллас, шахсини аниқлашнинг иложи йўқ эди. Бироқ, гап шундаки, ўзига тегишли шахсий нарсаларни унутгани билан бундайлар касбини унутмас экан. Серёжа компьютерни мукаммал биладиган бўлиб чиқди. Исталган тилда дастурларни бемалол тузади, инглиз тилида эркин сўзлай олади. Ўзининг тахминича, институтни тугатган. Туғилиб ўсган шаҳрини эслай олмайди, бу ерга қандай келиб қолганини ҳам билмайди. Руҳий шифокорлар Серёжани қолган барча соҳаларда мутлақо соғлом, деб топганига нима дейсиз?

Яна бир қаҳрамонга Иван деб исм қўйишди. Таниқли артист Иван Охлобистинга ўхшаб кетгани учун. Иван ўзининг янги ҳаётини 2001 йили Харковдаги истироҳат боғи курсисидан бошлади. Ҳужжати йўқ. Фақат курткасининг ички чўнтагидан 100 Россия рубли чиқди. Милиция ходимлари уни «Москва-Қрим» поездидан Харковда тушиб қолган, деган хулосага келдилар. Иваннинг ўзи эса қаерданлиги ва бу ерга қандай келиб қолганини айтиб беролмади. Унинг бармоқ изларини текшириб кўришди, ҳеч қандай жиноятга алоқаси йўқлиги аниқланди. Милиция ходимлари уни аввалига муғомбирлик қиляпти, деб ўйлашганди. Ахир украинчани яхши тушунмаяпти-да! Ёнидан чиққан рус пулига асосланиб, Россия фуқароси бўлиши керак, деб тахмин қилишди. Иванни Москва милицияси текшириб кўрди, бу сафар ҳам йигит ҳеч қандай жиноятга дахлсиз бўлиб чиқди.

Клиникада Иванни кўпроқ ушлаб қолишга қарор қилинди. Сабаби, юқорида айтганимиздек, ҳеч нарсани эслай олмагани билан компьютер хотирасини ҳайратомуз тушунишида. Интернетда ишлай туриб, ўзи билан боғлиқ бирор-бир маълумотга дуч келиб қолиши мумкин, деган фикр ҳам йўқ эмасди.

Хуллас, турар-жой ва шифохона овқатини Иван бир ойдан кўпроқ вақт шу йўсинда оқлаб юрди. Бу орада клиникага бош шифокорнинг таниши, кучли компьютер устаси келиб қолди. Қараса, Иван ўзидан ҳам кучли компьютер устаси. Тан берди. Унда Иван қанчадир вақт Германияда ишлаган бўлса керак, деган таассурот қолдирибди. Бу эса нотаниш устани руҳий хасталар шифохонасига топширган милициянинг қизиқишини бутунлай йўқотди,

Хотирасини йўқотган йигит ҳақидаги гаплар маҳаллий телевидениеда ишлайдиган бир журналистнинг ҳам қулоғига чалиниб қолди. У Иван ҳақида репортаж тайёрлашни режалаштирди. Кутилмаганда Иван ном-нишонсиз ғойиб бўлса, денг!..

Канада воқеаси янада ғаройиб. Монреалда полиция уй-жойсиз бир ароқхўрни маҳкамага олиб келган. Бояқиш хотирасини буткул йўқотган, ҳеч нарсани эслай олмайди. Фақат украинча гапиради. Қизиғи, буниси ҳам компьютерни биладиганлардан чиқиб қолди.

Юқорида келтирилган ва матбуотда ёритилган ҳодисалар денгиздан бир томчи, холос. Аммо буни қандай изоҳлаш мумкин?

Саволга жавобни Чингиз Айтматовнинг «Асрга татигулик кун» романидан излаб кўрамиз. Асарда айтилишича, манқуртга «нимани истайсан?» дейишса, «Осмондаги ойни» дейди. Ким биринчи бориб, қўл-оёғини бўшатиб, бошидаги туя терисини ечиб олиб, ўрнига қалпоқ берса, манқуртга айланган тутқун ўша одамни ўзининг хўжайини деб эслаб қолади ва унга умр бўйи итдек содиқ қулга айланади. Унинг учун дунёда энг даҳшатли нарса – ана шу қалпоғидан айрилиш. Жуанжуанлар уни масхара қилиб, анави сени излаб келиб, йиғлаб, атрофингда гирдикапалак бўлаётган хотин сенинг қалпоғингни олиб қўймоқчи, деб қўрқитадилар. Бу гапдан манқуртнинг кўзлари ола-кула бўлиб, қўрқувдан ранги гезариб кетади. Шунда хўжайинлари унинг қўлига ўқ-ёй бериб, ўзининг қалпоғини осмонга отади, манқурт қалпоқни бехато нишонга олади. Демак, унинг хотираси ўчгани билан, қўлидаги қобилияти, истеъдоди сақланиб қолиши рост экан.

Адиб манқуртни асирга олинган, руҳсиз қул бўлиб, хўжайинига сўзсиз итоат қилувчи, хотирасидан маҳрум қилинган одам деб сифатлайди.

Асарда ёзилишича, асирга тушган одамнинг сочини қиртишлаб олиб ташлаб, унинг бошига янги сўйилган туянинг бўйин териси кийдирилган. Шундан сўнг унинг қўл-оёғи боғланиб, бошини ерга теккиза олмаслиги учун бўйнига каттакон тахтакач кийдирилган ва шу аҳволда бир неча кун чўлнинг ўртасига ташлаб қўйилган.

Саҳронинг аёвсиз қуёши остида туянинг териси қотиб, тиришиб, бечора тутқуннинг бошини сиқа бошлар, унинг тикандек ўса бошлаган сочлари терисига қадалиб, мисли кўрилмаган оғриқ берар, бунинг устига ташналик азоби чидаб бўлмас қийноққа соларди.

Маълум вақт ўтгач, тутқун ўлиб кетар ёки хотирасидан буткул маҳрум бўлиб, ҳақиқий қулга айланиб қоларди. Иродасиз, хўжайинига итдек итоаткор манқурт қуллар оддий қуллардан бир неча баравар қиммат турар эди.

Романда найман уруғидан чиққан Дўнанбойнинг ўғли, мерган йигит Жўломон жуанжуанларнинг қўлига асир тушиб қолиб, манқуртга айлантирилади. Фарзанд доғида куйиб адо бўлган Найман она узоқ қидириб юриб, ахийри жигаргўшасини топади. Бироқ, манқурт ўғил уни танимайди. Таниш у ёқда турсин, манқурт ўзининг мерган қўллари билан хўжайинларининг буйруғини адо этиб, камон ўқини ўз онасининг юрагига бехато уради…

Лекин йигитларнинг ҳеч бирига бундай усул қўлланилмагани аниқланди. Бош мия ҳам уларда шикастланмаган эди.

Бугун тиббиётда хотирага таъсир этишнинг бир нечта усули бор – психотрон(техник) ва психотроп(дори-дармон ёрдамида). Текширувлар хотирасини йўқотган беморларда бу усулларнинг бирортаси ҳам қўлланилмагани аниқланди. Учинчи усули – вирус ёрдамида хотирани ўчириш мумкинлиги ҳақидаги маълумот яқинда “Москва-24” сайтида берилди.

Бутун ҳаёти давомида инсон ўз хотирасини яхшилашга интилади. Тўғри, ўтган асрнинг 70-йилларида «Вьетнам синдроми» ва ўн йил ўтиб «Афғон синдроми» каби ҳолатлар хам кузатилган. Уруш унда иштирок этганларга ўз таъсирини кўрсатмай қолмаган. Шу боис ҳам улардаги айрим хотираларни йўқотиш лозим бўларди. Бу ўта махфий тарзда олиб борилгани ҳам бугун сир бўлмай қолди. Айрим маълумотларга қараганда, уларни дори-дармон билан самарали даволашган ҳам экан. Матбуотда ҳам бундай ишларнинг шов-шувли оқибатлари баъзида эълон қилинган.

Хуллас, хотира моддаси тушунчаси ҳам пайдо бўлди. Агар ўргатилмаган каламуш лабиринт ичига қўйиб юборилса, ундан чиқолмаслиги мумкин. Мабодо, ўргатилганининг хотира суюқлигини олиб, ўргатилмаганининг миясига қуйилса, у биринчи уринишдаёқ лабиринтдан чиқиб кетар экан.

Ҳозир бундай лойиҳалар кўплаб амалга ошириляпти. Молиялаштириш қийинлиги сабабли қатор махфий лабораторияларни мафия ўз молиявий тасарруфига олган. Ким билсин, хотирани ўчириб ташлайдиган восита айнан уларнинг кўлига тушиб қолгандир?

Энди хотирасини йўқотганларнинг касбларига ҳам эътибор қаратсак. Аксарият ҳолларда улар юқори малакали компьютер мутахассислари. Талаба Левиннинг шов-шувли иш қилганидан хабарингиз бўлса керак: у уйидан туриб, шахсий компьютер ёрдамида Америка банкларидан бирини бир неча миллионга «туширган». Худди шундай хотирасини йўқотганлардан ҳам ана шу мақсадда фойдаланилган бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Бундан ташқари, пулдан ҳам муҳимроқ маълумотлар борлигини ўзингиз яхши тушунасиз. Бундай ҳолларда бир ўқ билан икки қуённи уришади. «Мутахассис» ишни бажариб бўлгач, унга хотирани ўчирадиган инъекция қилинади. Бечорага гонорар ҳам тўланмайди ва ундан осонгина қутулишди. Кейинги қадам ҳам пухта ўйланган. Хотираси ўчирилган одамни жиноят этилган жойни умуман унутиши учун ўша ҳудуддан бошқа жойга олиб бориб ташлашади.

“Правда Востока” газетаси сайтида эълон қилинган бир мақолада «Мияни тозалаш» махфий лойиҳаси ўтган асрнинг ўрталарида амалга оширила бошлагани маълум қилинди. Шунингдек, унда 1950 йилда «Майами Ньюз» газетаси «Мияни ювиш тактикаси» сарлавҳаси остида жуда шош-шувли мақолани чоп этгани айтилган.

Лойиҳа муаллифларидан бири, профессор Эвен Камероннинг ўзи ёзганди: «Мижозлар курснинг уч босқичидан ўтказилади. Биринчисида, улар хотиранинг катта қисмини йўқотадилар. Бироқ бунда қаерда ва нима учун эканликларини яхши тушунадилар. Иккинчисида, улар макон ва замон ҳақидаги тасаввурларини йўқотадилар. Бироқ шунга қарамай, ниманидир хотирасида сақлаб қолишга жон-жаҳдлари билан уринадилар, хавотирга тушишади. Тўғри, улар ушбу босқичда «қаердасан?» деган саволга жавоб бера олишмайди. Учинчи босқичда эса хавотир бутунлай йўқолади. Ана шундан сўнг тўлиқ ўзлигини унутиш ҳолати бошланади».

“АиФ” сайтида яқинда “Ҳеч нарсани эслай олмайман” номли мақола эълон қилиниб, унда амнезия( хотирани тўлиқ ёки қисман йўқотиш хасталиги) билан боғлиқ етти воқеа келтирилган. Биринчиси – форс кўрфазида жанг қилган зобит тишини даволатишга борганда ҳушидан кетади ва ўзига келгач, унинг хотираси 1 соатдан ошган воқеаларни эслай олмайдиган бўлиб қолади. Иккинчиси – машҳур детектив асарлар муаллифи Агата Кристи хотирасини қандай йўқотгани ҳақида. Учинчиси – эр-хотин Ким ва Крикит Карпентерлар 1993 йили автоҳалокатдан сўнг хотирасини йўқотиб, икки йиллик ҳаётини эслай олишмаган. Тўртинчиси – 2004 йили Американинг Жоржия штатида Бенжамин Кайл(шифокорлар берган исм-шариф) хотирасини йўқотиб, ҳеч нарсани эслай олмайди. Унинг суратини федерал изловга юборишади, лекин ҳанузгача йигитнинг шахси аниқланмаган. Ансель Борн, Клайв Уэринг ва Реймонда Робинс ҳам ўтмишини эслай олмайдиган шахслар.

Ҳа, америкалик фантаст адибнинг ғояси бугун ростдан ҳам ҳаётга татбиқ этилаётгандай.

Авазхон АБДУФАТТОҲ

Related Articles

Back to top button