Ошган жиноятлар хусусида

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида, Ўзбекистон Республикасида барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши таъминланиши белгилаб қўйилган.
Бундан ташқари, Жиноят кодексида ўғирлик жинояти учун жиноий жавобгарлик белгилаб қўйилган.
Бироқ, сўнгги вақтларда ўғирлик жинояти баъзи жойларда кўпайиб, ўзганинг мулкини ўғирлик йўли билан қўлга киритишни ўзига касб қилиб олганлар ҳам орамизда учрамоқда.
Хусусан, фуқаро А.А қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) ахборот тизимига кириб ёки ундан фойдаланиб ўғирлик жиноятини содир этиб ғаразли ва паст ниятларда текин бойлик орттириш мақсадида, 2024 йил 25 март куни ўзига илгаридан таниш С.Чни телефон аппаратини фойдаланиб олиш мақсадида олиб, унинг телефон аппаратидан унинг номига расмийлаштирилган “Zoomrad” иловасига Ч.Снинг рухсатисиз кириб, унинг омонат ҳисоб рақамида бўлган 92.469.000 сўм миқдорида пул маблағларини ўзининг номига расмийлаштирилган ҳамда бобосининг номида бўлган банк пластик карталарига яширин равишда ўтказиб олишга эришиб, шу тариқа ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиб, қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) ахборот тизимига кириб ва ундан фойдаланиб ўғирлик жиноятини қасддан содир этган.
Бундан ташқари, А.А, қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) ахборот тизимига кириб ёки ундан фойдаланиб ўғирлик жиноятини содир этиб ғаразли ва паст ниятларда текин бойлик орттириш мақсадида, 2024 йил март ойида ўзига илгаридан таниш бўлган С.Чнинг телефон аппаратини гўёки фойдаланиб туришлик мақсадида олиб, телефон аппаратидан унинг рухсатисиз “ТБС” банк иловасини расмийлаштириб, ушбу иловадан унинг рухсатисиз фойдаланиб Ч.Снинг номига 5.000.000 сўм миқдорида кредит расмийлаштириб олишга эришиб, ушбу кредит маблағларини ўзининг шахсий эҳтиёжларига ишлатиб юбориб, ўғирлик жиноятини қасддан такроран содир этган.
Суд ҳукми билан А.Ага Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми “а,б” бандлари билан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг ажрими билан судланувчига тайинланган жазо ўзгаришсиз қолдирилган.
Жиноят учун жавобгарликнинг муқаррарлигини эслатиш ушбу турдаги жиноятларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Сурхондарё вилоят суди
жиноят ишлари бўйича судьяси
М.Маликов



