Маданият

Гиёҳвандлик ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш кучайтирилди

Сўнгги йилларда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ҳамда кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Айниқса, синтетик наркотикларнинг тарқалиши, уларнинг интернет тармоқлари орқали сотилиши ва яширин нарколабораторияларда тайёрланиши жамият, айниқса ёшлар саломатлиги ва келажаги учун жиддий хавф туғдирмоқда.
Ана шундай хавфларнинг олдини олиш, аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини муҳофаза қилиш, гиёҳвандлик воситалари ҳамда кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши ҳуқуқий механизмларни янада кучайтириш мақсадида 2026 йил 11 июнда Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналогларининг ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарликни такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ–1151-сон Қонуни қабул қилинди.
Мазкур Қонун билан Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи билан боғлиқ қилмишлар учун жавобгарлик нормалари тизимлаштирилди ва такомиллаштирилди.
Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини муҳофаза қилиш — асосий мақсад
Қонуннинг эътиборга молик жиҳатларидан бири Жиноят кодексида «Аҳоли саломатлиги ва генофондига қарши жиноятлар» деб номланган алоҳида бобнинг жорий этилганидир.
Бу, ўз навбатида, гиёҳвандлик билан боғлиқ қилмишларга ҳуқуқий баҳо беришда янги ёндашув шаклланаётганини кўрсатади. Яъни мазкур қилмишлар нафақат жамоат хавфсизлигига таҳдид сифатида, балки аҳоли саломатлиги, миллат генофонди ва келажак авлод тақдирига хавф солувчи жиноий қилмиш сифатида баҳоланмоқда.
Яширин нарколабораторияларга қарши қатъий чоралар
Бугунги кунда синтетик наркотикларни тайёрлашда яширин нарколабораториялардан фойдаланиш ҳолатлари долзарб муаммолардан бири ҳисобланади.
Шу муносабат билан Жиноят кодекси 276-1-модда билан тўлдирилиб, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналогларини ишлаб чиқариш, тайёрлаш ёки қайта ишлаш учун ғайриқонуний нарколаборатория ташкил этиш ва унинг фаолиятини таъминлаш учун жавобгарлик белгиланди.
Бундай қилмишлар учун 5 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилди. Бу норма наркотик моддаларни бевосита тарқатувчилар билан бир қаторда, уларни ишлаб чиқариш занжирини ташкил этаётган шахсларга қарши курашиш имкониятини ҳам кенгайтиради.
Бангихона ташкил этиш ва сақлаш учун ҳам жавобгарлик кучайтирилди
Гиёҳвандлик воситалари ёки кучли таъсир қилувчи моддаларни истеъмол қилиш ва тарқатиш учун махсус жой ташкил этиш жамият учун жиддий хавф туғдиради.
Шу сабабли Жиноят кодекси 276-2-модда билан тўлдирилиб, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ёки кучли таъсир қилувчи моддаларни истеъмол қилиш ёхуд тарқатиш учун бангихона ташкил қилиш ёки сақлаш алоҳида жиноят таркиби сифатида белгиланди.
Мазкур қилмиш учун 3 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.
Гиёҳвандлик жиноятларига «ҳомийлик» қилувчилар ҳам жазодан четда қолмайди
Гиёҳвандлик воситалари ва бошқа хавфли моддаларнинг ноқонуний муомаласи айрим ҳолларда мансабдор шахсларнинг хизмат мавқеидан фойдаланиши билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Шунинг учун Қонун билан наркотик воситаларнинг ноқонуний муомаласига мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш орқали ҳомийлик қилиш, раҳнамолик қилиш ёки бундай жиноятлар фош этилишининг олдини олиш мақсадида хизмат фаолияти юзасидан ўзига маълум бўлган маълумотларни олдиндан хабар бериш каби қилмишларга нисбатан ҳам қатъий жавобгарлик белгиланди.

Жумладан, Жиноят кодексига киритилган янги 276-3-модда доирасидаги қилмишлар учун оғир жазо чоралари белгиланган.
Ёшлар ва вояга етмаганларни ҳимоя қилишга алоҳида эътибор
Гиёҳвандликнинг энг оғир оқибатларидан бири унинг ёшлар ҳаётига салбий таъсир кўрсатишидир. Наркотик моддалар таъсирига тушган ёшнинг таълим олиши, меҳнат қилиши ва жамиятда муносиб ўрин эгаллашига жиддий зарар етиши мумкин.
Шу сабабли янги қонунчиликда вояга етмаганларни гиёҳвандлик ва кучли таъсир қилувчи моддаларга жалб қилишга қарши ҳам қатъий ҳуқуқий чоралар белгиланди.
Хусусан, вояга етмаган шахсни кучли таъсир қилувчи моддаларни истеъмол қилишга жалб этиш учун жиноий жавобгарлик белгиланди. Таълим муассасалари, талабалар ётоқхоналари, болалар оромгоҳлари ёки уларга туташ ҳудудларда бундай моддаларни истеъмол қилишга жалб этиш эса янада оғирроқ ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқаради.
Жавобгарликнинг муқаррарлиги — муҳим принцип
ЎРҚ–1151-сон Қонуннинг аҳамияти фақат жазоларни кучайтириш билан чекланмайди. Унинг муҳим жиҳати — гиёҳвандлик воситалари ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашишнинг ҳуқуқий механизмларини тизимлаштириш, қонунчиликдаги бўшлиқларни бартараф этиш ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришдан иборат.
Шу нуқтаи назардан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, судлар ва бошқа ваколатли идоралар томонидан ҳар бир ҳолатга ҳуқуқий баҳо беришда қилмишнинг хусусияти, мақсади, модданинг тури ва миқдори, унинг кимга ва қандай усулда тарқатилгани, вояга етмаганлар билан боғлиқлиги ҳамда бошқа юридик аҳамиятга эга ҳолатлар ҳар томонлама ва холисона аниқланиши муҳим аҳамият касб этади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, 2026 йил 11 июнда қабул қилинган ЎРҚ–1151-сон Қонун гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласига қарши курашишда янги, янада қатъий ҳуқуқий механизмларни белгилаб берди.
Мазкур қонуннинг бош мақсади — жазолашнинг ўзи эмас, балки гиёҳвандликнинг тарқалишини барвақт олдини олиш, яширин нарколабораториялар ва бангихоналар фаолиятига чек қўйиш, ёшларни зарарли таъсирлардан ҳимоя қилиш, аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини асрашдир.
Зеро, соғлом авлод — мамлакат тараққиётининг энг муҳим кафолатидир. Шу боис гиёҳвандликка қарши курашиш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг, балки бутун жамиятнинг умумий вазифаси ҳисобланади.

Жиноят ишлари бўйича

Шўрчи туман судининг тергов судьяси

Ш.Қодиров.

Related Articles

Back to top button