Бу қизиқ

Коррупция давлатни кемиради

Коррупция – давлат тараққиётига ичкаридан зарба берадиган энг хавфли иллатлардан биридир. У иқтисодий ўсишни секинлаштиради, давлат маблағларининг самарасиз сарфланишига сабаб бўлади ва фуқароларнинг адолатга бўлган ишончини сусайтиради. Энг хавфлиси, коррупция қонун устуворлигини заифлаштириб, ҳалол меҳнат ва соғлом рақобат ўрнига таниш-билишчиликни кучайтиради.

Халқаро ташкилотлар таҳлилларига кўра, коррупция даражаси юқори бўлган давлатларда инвестициялар ҳажми камаяди, бизнес юритиш харажатлари ортиб, иқтисодий ривожланиш суръати пасаяди. Бу эса янги иш ўринлари яратилишига ва аҳоли фаровонлигига салбий таъсир кўрсатади.

Коррупцияга қарши кураш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси эмас. Давлат хизматларини рақамлаштириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш ҳамда жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ушбу иллатни бартараф этишнинг энг самарали йўлларидир.

Кучли давлат қуриш қонун устуворлиги ва ҳалолликдан бошланади. Коррупцияга қарши муросасиз кураш ҳар бир фуқаро, ҳар бир давлат хизматчиси ва бутун жамиятнинг умумий бурчидир. Зеро, коррупцияни енгган жамиятгина барқарор тараққиёт ва ҳақиқий адолатга эриша олади.

Термиз туманлараро иқтисодий судининг судьяси

Т.Усмонов

Related Articles

Back to top button