Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ–1032-сон Қонуни, 2026 йил 16 январЎзбекистон Республикасининг ЎРҚ–1032-сон Қонуни, 2026 йил 16 январ

Мамлакатимизда жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини самарали ташкил этиш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бу жараёнда инсон қадрини улуғлаш, шахсни тузатиш ва уни жамиятга қайта мослаштиришга қаратилган инсонпарварлик тамойилларини мустаҳкамлаш алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Шу мақсадда қабул қилинган мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Жиноят-ижроия кодексларига муҳим қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
Ушбу ўзгартишлар, аввало, маҳкумларнинг ахлоқан тузалиши, қонунга ҳурмат руҳида яшаши ва қайта жиноят содир этилишининг олдини олишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Қонунга мувофиқ, жазони ўтаётган маҳкумнинг интизоми, хулқ-атвори, меҳнатга муносабати, таълим ва тарбиявий жараёнлардаги иштироки ҳамда тузалиш йўлига ўтганлиги инобатга олинган ҳолда, унинг жазо муддатини қисқартириш имконияти назарда тутилмоқда.
Бу эса жазони ижро этиш тизимида инсонпарварлик ва адолат тамойиллари янада кучайиб бораётганини англатади.
Мазкур янгилик маҳкумларни ижобий хулқ-атворга ундаш, уларни қонун талабларига риоя этишга рағбатлантириш ҳамда жамиятга фойдали шахс сифатида қайта тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга. Чунки инсонга берилган ишонч ва муносиб имконият унинг келажакда тўғри йўлни танлашида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Шунингдек, Қонун билан «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги Қонунга ҳам тегишли ўзгартиришлар киритилиб, профилактик ҳисобга олиш асослари янада мақбуллаштирилди. Энди профилактик ҳисобга олинадиган маъмурий ҳуқуқбузарлик турлари уларнинг ижтимоий хавфлилик даражаси, хусусияти ва келгусида жиноий қилмиш содир этилиши эҳтимоли каби мезонлардан келиб чиққан ҳолда белгиланиши назарда тутилмоқда.
Бу эса ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимини замон талаблари асосида такомиллаштириш, фуқаролар билан манзилли ишлаш самарадорлигини ошириш ҳамда жамиятда тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга хизмат қилади. Айниқса, ҳуқуқбузарликка мойил шахсларни эрта аниқлаш ва улар билан профилактик чоралар олиб бориш орқали келгусида оғир оқибатларнинг олдини олиш имконияти кенгаяди.
Шуни таъқидлаш жоиз ки, азкур Қонун мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг муҳим давоми бўлиб, инсонпарварлик, адолат ва қонунийлик тамойилларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шу билан бирга, у жиноятчиликнинг олдини олиш, маҳкумларни тузатиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимини самарали ташкил этишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Фуқаролик ишлари бўйича
Сариосиё туманлараро судининг судьяси
Худойқулов Умедилло Равшанович




