Гиёҳвандлик-аср вабоси

Гиёҳвандлик бугунги кунда инсониятни таназзулга судраётган энг хатарли иллатлардан бири бўлиб, кўплаб манбаларда ҳақли равишда «аср вабоси» деб номланади. У инсоннинг ақлига, соғлиғига ва жамиятдаги мавқеига жиддий путур етказадиган даҳшатли одатдир. Гиёҳвандликка ружу қўйиш, аслида, инсоннинг ўз ҳаётини турли хавф-хатарларга атайлаб бой бериши билан баробардир.
Гиёҳвандлик воситаларини бошқа шахсларга сотиб ўтказиш энг ижтимоий хавфи кўринишдаги жиноят ҳисобланиб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 273-моддаси 5-қисмига кўра, ўн йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Шундай бўлса-да, бундай иллатга одатланганлар, билиб-билмай жиноят йўлига кириб қолаётганлар ҳам орамизда учраб туриши хавотирли ҳолатдир.
Хусусан, С.К қонунга хилоф равишда кўп миқдордаги гиёҳвандлик моддасини сотиш мақсадида 2025 йил 30 май куни соат 15:52 да Термиз шаҳри ҳудудида тезкор тадбирга шартли харидор сифатида жалб қилинган “Х” исмли шахсга 3.73 грам опий гиёҳвандлик моддасини 1.000.000 сўмга сотиб ўтказган вақтда тезкор тадбирда ашёвий далиллар билан ушланган.
Суд ҳукми билан С.Кга ишдаги енгиллаштирувчи ҳолатлар инобатга олинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 273-моддаси 5-қисми билан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг ажрими билан ҳукмнинг жазо тайинлаш қисми ўзгаришсиз қолдирилган.
Жиноят учун жавобгарликнинг муқаррарлигини эслатиш ушбу турдаги жиноятларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Сурхондарё вилоят суди
жиноят ишлари бўйича судьяси
М.Маликов




