Бу қизиқ

Нотариат тизимида янги тартиблар: фуқаролик-ҳуқуқий талабларни кўриб чиқишнинг самарали механизми

Мамлакатимизда сўнгги йилларда ҳуқуқий ислоҳотларни изчил давом эттириш, давлат хизматларини соддалаштириш ва фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида нотариат тизимини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу йўналишда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 9 сентябрдаги “Нотариат институтини янада ривожлантириш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазкур соҳада муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Мазкур қарорга мувофиқ, 2026 йил 1 мартдан бошлаб базавий ҳисоблаш миқдорининг 1000 бараваригача бўлган айрим фуқаролик-ҳуқуқий низосиз талаблар бўйича нотариуслар томонидан ижро хатларини ёзиш тартиби жорий этилди. Ушбу янгилик фуқаролар ва юридик шахслар ўртасидаги айрим молиявий ва мулкий муносабатларда юзага келадиган низосиз талабларни тезкор ва самарали ҳал этиш имконини яратади.

Жорий этилган тартибга кўра, нотариуслар нотариал тасдиқланган битимларга асосланган талаблар юзасидан ижро хатларини расмийлаштириш ҳуқуқига эга бўлади. Бу эса томонлар ўртасида аввалдан расмий тарзда тасдиқланган келишувлар асосида мажбуриятларнинг ўз вақтида бажарилишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, ёзма ва нотариал тасдиқланган битим мавжуд бўлган тақдирда, ундирувни қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти бўлган кўчар мол-мулкка қаратиш тўғрисидаги талаблар ҳам нотариуслар томонидан кўриб чиқилиши мумкин.

Бундан ташқари, ижара тўловлари, кўп квартирали уйлардаги жойлар мулкдорларидан мажбурий бадаллар ва тўловлар, шунингдек коммунал ва алоқа хизматлари бўйича юзага келган қарздорликни ундириш тўғрисидаги талаблар ҳам мазкур тартиб асосида ҳал этилади. Бу эса фуқаролик муомаласидаги айрим масалаларни судга мурожаат қилмасдан туриб ҳал этиш имкониятини кенгайтиради.

Ушбу механизмнинг жорий қилиниши орқали фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда тезкорлик ва самарадорлик таъминланади, суд органларига тушаётган айрим ишлар сони қисқаради ҳамда фуқаролар учун ҳуқуқий хизматлардан фойдаланиш янада қулайлашади. Шу билан бирга, нотариат тизимида замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг кенг жорий этилиши хизматлар сифатини оширишга, очиқлик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилади.

Нотариат институтини такомиллаштиришга қаратилган бундай чора-тадбирлар мамлакатимизда ҳуқуқий давлат тамойилларини мустаҳкамлаш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган ислоҳотларнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади.

Фуқаролик ишлари бўйича

Сариосиё туманлараро судининг судьяси

Худойқулов Умедилло Равшанович

Related Articles

Back to top button