Президент: «Аёлларимизни безовта қилаётган энг катта масала, бу – ишсизлик!»

2025 йил 07 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида «Янги Ўзбекистонда хотин-қизларнинг оғирини енгил қилиш, улар учун барча соҳаларда зарур шароитларни яратиб бериш доимо давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади. … Биз халқимизнинг розилигини, аввало, сизларнинг розилигингиз, деб тушунамиз.
Бу борада аёлларимизни безовта қилаётган энг катта масала, бу – ишсизлик.» деган эди.
Бу инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқат, чунки аёл ишлаб турган ишидан ажралиб қолса, унинг устига ўша аёл оилада ягона иш ҳақи оладиган киши бўлса, бу оила учун оғир ташвиш.
Таҳририятимизга Термиз шаҳри «Сурхон соҳили» маҳалласида яшовчи Умида исмли аёл мурожаат этиб у «Ҳудудий электр тармоқлари» Акциядорлик жамияти Сурхондарё ҳудудий фиалиалига 2021 йил 18 октябрда вақтинча ишга қабул қилинганлигини ва 18.06.2025 йилда корхона директори М.Қ.Шамсиддиновнинг 495-к-сонли «Меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида»ги буйруғи билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлигини, оиласида икки нафар вояга етмаган фарзандлари борлигини ва оилада доимий иш ҳақи оладиган киши фақат ўзи эканлигини баён қилди.
Биз билан суҳбатда у ўтган тўрт йил давомида кўпгина кишилар доимий ишга қабул қилинганлигини айтди. Мана орадан тўрт ойдан ортиқ муддат ўтяптики, Умида ҳалигача ишсиз.
У Ўзбекистон Республикаси Президентига мурожаат қилиб, мурожаатида оилада ягона боқувчи эканлигини, оиласида ундан бошқа доимий иш ҳақи олувчилар йўқлигини, икки нафар вояга етмаган фарзандлари борлигини инобатга олиб уни «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Сурхондарё ҳудудий электр тармоқлари корхонасида иш билан таъминланишида ёрдам сўраб мурожаат этган.
Унинг Ўзбекистон Республикаси Президентига шу йил 18 август куни илтижо билан юборган мурожаати Ўзбекистон Республикаси «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонунига зид равишда у устидан шикоят қилган ташкилот- «Ҳудудий электр тармоқлари» Акциядорлик жамияти Сурхондарё ҳудудий фиалиалига юборилди.
Умидани ишдан бўшатган раҳбарнинг имзоси билан билан унга совуққина расмий жавоб қайтарилган.
Наҳотки «Ҳудудий электр тармоқлари» Акциядорлик жамияти Сурхондарё ҳудудий фиалиали директори М.Қ.Шамсиддинов Ўзбекистон Республикаси «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонунининг 25-моддаси 3-бандидаги Мурожаатларни кўриб чиқиш учун асоссиз равишда бошқа давлат органларига, ташкилотларга ўтказиш ёхуд қарорлари ёки ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилинаётган органларга, ташкилотларга ёки мансабдор шахсларга юбориш тақиқланади дейилган талабдан хабари бўлмаса!
У.Абдуллаеванинг Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига юборган мурожаатига Термиз шаҳар Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлим бошлиғи Ф.Менглиев имзоси билан 2025 йил 25 август куни юборилган расмий жавоб хатида «…Yuqoridagilarni inobatga olgan holda muallif bilan tuzilgan mehnat shartnomasi bekor qilinishida qonun buzilish alomatlari kuzatilmaganligi sababli ishga tiklash masalasida fuqarolik tartibida sudga murojaat qilishi mumkinligi toʻgʻrisida tushuntiriladi.» дейилган. Бошлиқнинг Президентимиз аёллар бандлигини таъминлаш юзасидан куйиб-ёниб қилаётган мурожаатларига муносабат шуми?…
Меҳнат шартномасининг “қонуний” бекор қилиниши, шу аёлга бошқа биронта иш ўрни топиб бериш имкони йўқ дегани эмас-ку!
Жорий йил 17 октябр куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон касаба уюшмалари фаоллари ва фахрийлари билан учрашувида хотин-қизлар масаласига алоҳида эътибор берди.
“Хотин-қизлар жамиятнинг барча бўғинларида ўз ўрнини топишига кўмаклашиш доимий эътиборимиз марказида бўлади.
Келгуси йилдан меҳнат бозорида аёллар учун тенг шароит яратиш мақсадида ижтимоий суғурта тизими қамровини кескин оширамиз. Бу уларнинг камбағалликка тушиб қолмаслигини кафолатлайди”,-деди.
Биз «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ва Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигидан У.Абдуллаеванинг мурожаати ижрбий ҳал этилганлиги ҳақида жавоб кутамиз.
Н.Шарипов




