Коррупцияга қарши курашишда фуқароларнинг роли

Коррупция бир неча минг йиллик тарихга эга. Дунёнинг барча давлатларида озми-кўпми коррупция ҳолати мавжуд бўлган. Жумладан, Марказий Осиё худудида жойлашган хонликлар ва Бухоро амирлигида ҳам турли кўринишдаги коррупция ҳолатлари авж олган.
Ёзувчи Абдурауф Фитратнинг «Ҳинд сайёҳининг қиссаси» асари 1912 йили Истанбулда нашр этилган. Ушбу асарда муаллиф Бухоро амирлиги ҳудудида порахўрлик авж олганлигини ёрқин ифодалаб беради.
Асарда Бухорога келган ҳиндистонлик мусулмон сайёҳ тилидан ҳикоя қилинади. Аслида ҳинд сайёҳи – ёзувчи Фитратнинг ўзи. Бухоро амирлиги ўша пайтда ҳозирги Қарши, Ғузор, Шаҳрисабз, ҳатто Ҳисор тоғларигача бўлган ҳудудда ҳукмронлик қилар эди. Ана шундай кенг сарҳадларда маърифат ва соғлиқни сақлаш, илм-фаннинг тараққиётдан ортда қолиши сабабини муллалар, муфтий ва амирларнинг кенг маънодаги илм-фандан узоқлиги, мансабу бойликка ўчлиги, порахўрлиги туфайли деб билган Фитрат катта маҳорат билан бу иллатларни фош этади.
Асарда аҳоли коррупцияга қарши курашишда қатнашмаганлиги, уларнинг коррупция ҳолатини табиий деб тушуниши коррупция авж олиши учун кенг йўл очиб берганлиги моҳирона тасвирланган.
Бухоро амирлигида порахўрликнинг авж олганлиги охири амирликнинг қулаши билан якун топди.
Ҳозирги пайтда Республикамизда коррупция жиноятига қарши кураш соҳасида ижобий натижаларга эришилмоқда . Коррупцияга қарши курашиш соҳасида қонунчилик асосларини такомиллаштириш, давлат органларининг, жамиятнинг очиқлигини таъминлаш, ахборотлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш борасида ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Коррупцияга қарши курашиш ва бу соҳада самарали чора-тадбирлар ишлаб чиқиш масалалари Президентимизнинг раҳбарлигида ва назоратида давом эттирилмоқда .
Шуни унутмаслик лозимки, коррупцияга қарши курашиш ҳар бир фуқаронинг бурчидир. Фуқаролари коррупцияга қарши фаол курашмаган давлатлар инқирозга юз тутадилар.
Жиноят ишлари бўйича
Шўрчи туман суди тергов судьяси
Шерзод Қодиров




