Бу қизиқ

Ходимга иш ҳақи ва устама пуллари ундириб берилди

Ҳар бир ишчи ўз меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда адолатли ҳақ олиш ҳуқуқига эга эканлиги Конституциямизда белгилаб қўйилган. Лекин айрим ҳолларда иш берувчилар ўз ишчиларига ойлик маошларини ўз вақтида бермаганлигининг гувоҳи бўламиз.

Даъвогар Адлия бўлими даъвогар ХМА манфаатини кўзлаб судга даъво аризаси билан мурожаат этиб, жавобгар УМ ва МТБ дан 20.540.617 сўм лавозим маошининг 20 фоизи миқдорида белгиланган устама ундиришни сўраган.

Суд мажлисида Адлия бўлими бошлиғи АШ даъво талабини қувватлаб, унда кўрсатилган ҳолатларни такрорлаб, олиб борилаётган ислоҳатлар авваламбор инсон шаъни, қадр-қиммати ва унинг манфаати учун хизмат қилиши лозимлиги, ушбу ҳақида янги таҳрирда қабул қилинган конституцияда ҳам алоҳида банд киритилганлигини, жавобгар томонидан қонун талаблари асосида ходимга тўланиши лозим бўлган устама пуллари ўз вақтида тўлаб берилмаганлиги натижасида ходимнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилганлигини билдириб, даъво талабини тўлиқ қаноатлантиришни сўради.

Даъвогар ХМА суд мажлисида даъво талабини қувватлаб, УТ 0-ўрта таълим мактабининг жисмоний тарбия ўқитувчиси вазифасида ишлаб келиб, унга буйруқ асосида қўшимча равишда “Спорт тарғиботчиси” вазифаси юклатилганлигини, ўз вазифасини виждонан бажариб келиб, ўқувчилар томонидан бир қанча ютуқларга эришганлигини, аммо унга белгиланган устама ҳақлари тўлаб берилмаётганлигини билдириб, даъво талабини қаноатлантиришни сўради.

Жавобгар УМ ва МТБ га суд мажлиси вақти ва жойи ҳақида маълум қилинган бўлсада, узрсиз сабабларга кўра суд мажлисига келмади ва  келмаслик сабабини ҳам маълум қилмади. Шу боис суд ишнинг уларга нисбатан қисмини Ўзбекистон Республикаси ФПК нинг 280-моддаси тартибида кўришни лозим топди.

Суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришларини тинглаб, ишда мавжуд ва тақдим этилган далилларни ўрганиб, муҳокама ва таҳлил қилиб даъвогарнинг даъво талабини қаноатлантиришни лозим топади.

Аниқланишича, УТ 0-умумий ўрта таълим мактаби директорининг буйруғига асосан мактабнинг жисмоний тарбия ўқитувчиси ХМАга “Спорт тарғиботчиси” қўшимча вазифа юклатилган.

Бироқ, ходимга ушбу устама пуллари тўлаб берилмаган.

Ўзбекистон Республикаси конституциясининг 42-моддасига кўра, ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 февралдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5349-сон Фармоннинг   13-бандига кўра, 2021 йил 01 январдан барча давлат органлари ва ташкилотларида, соғлом турмуш тарзи ва оммавий спортни ривожлантириш мақсадида меҳнат жамоаларида фаолият юритаётган ходимга “Спорт тарғиботчиси” қўшимча вазифасини юклаш ва унинг базавий лавозим маошига 20 фоиз миқдорда устама тўлаш белгиланган.

Даъвогарнинг иш хақига ҳисобланган устама пуллари жавобгар томонидан ихтиёрий тўланмасдан келинганлиги сабабли судга мурожаат қилишга мажбур бўлган.

Ўзбекистон Республикаси меҳнат кодексининг 243-моддасига кўра иш берувчи томонидан ходимнинг малакасига, бажарадиган ишининг мураккаблигига, миқдорига, сифати ва шароитларига қараб тўланадиган меҳнат учун мукофот суммаси, шунингдек компенсация хусусиятига эга тўловлар (компенсация хусусиятига эга қўшимча тўловлар ва устамалар, шу жумладан нормал иш шароитларидан четга чиқадиган шароитларда ишлаганлик, ноқулай табиий-иқлим шароитларида ишлаганлик учун шундай қўшимча тўловлар ва устамалар ҳамда компенсация хусусиятига эга бошқа тўловлар) ва рағбатлантирувчи тўловлар (рағбатлантирувчи хусусиятга эга қўшимча тўловлар ҳамда устамалар, мукофотлар ва тақдирловчи тўловлар) иш ҳақидир.

Шунингдек Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси 253-моддаси биринчи қисмида ходимларга иш ҳақи тўлаш муддатлари жамоа шартномасида ёки ички ҳужжатда, улар мавжуд бўлмаганда эса меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган муддатларда белгиланади ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмас. Ходимларга ойлик иш ҳақи, қоида тариқасида, ўн олти кундан кўп бўлмаган танаффус билан икки қисмга бўлинган ҳолда (бўнакда ва қолган қисми миқдорида) тўланади.

Меҳнат кодексининг 244-моддаси биринчи қисми 1-банд 5-қисмида иш берувчининг ўз молиявий аҳволидан қатъи назар, қонунчиликда, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда, меҳнат шартномасида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартларига мувофиқ ходимлар томонидан бажарилган иш учун ҳақ тўлашни амалга ошириш мажбуриятини мустаҳкамлаб қуйилган.

Суд, юқоридаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этган ҳолда ҳамда ишда аниқланган ҳолатлардан келиб чиқиб, даъвогарнинг даъво аризасини қаноатлантириб, жавобгар УМ ва МТБ дан ХМА фойдасига 20.540.617 сўм устама пулларини ундириб беришни лозим топади.

Суд томонидан аниқланган иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар даъвони қаноатлантиришга асос бўлади. Шу сабабли суд даъвони қаноатлантириб жавобгар УМ ва МТБ  ҳисобидан даъвогар ХМАнинг фойдасига 20.540.617 сўм устама пули ва 34.000 сўм почта харажати ундириш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилинди.

Юқорида қайд этилган ижро ҳужжатлари Мажбурий ижро бюроси тегишли туман бўлими иш юритувига келиб тушиб, бўлим ходимлари томонидан ижро ҳаракатига киришилди.

Амалга оширилган мажбурий ижро ҳаракатлари натижасида ходимнинг иш ҳақи ўз муддатида ундириб берилди.

Фуқаролик ишлари бўйича

Сариосиё туманлараро суди раиси                               М.Э.Номозов

Related Articles

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Back to top button