Маданият

Шавкат Мирзиёев: Бу корхона — тарихий анъаналарнинг саноат даражасида қайта тикланиши

Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йил 6 майда Фарғона вилоятида бўлганида тошдан қоғоз ишлаб чиқариш лойиҳаси тақдимот қилинган эди. Бугунги кунда ушбу лойиҳа Фарғона шаҳрида «Fergana stone paper» корхонаси бўлиб амалга ошди.

Хитойдан ноёб технология олиб келиниб, йилига 9 минг тонна қоғоз тайёрлаш қуввати ташкил этилди. Президент ташрифи арафасида ушбу корхона синов режимида ишга туширилди.

Тошдан ясалган қоғоз бир қанча афзалликларга эга. Биринчидан, целлюлоза қоғоз тайёрлаш учун жуда кўп сув сарфланади, заҳарли моддалар борлиги туфайли бу сув яроқсиз бўлиб қолади. Тошдан қоғоз ишлаб чиқаришда эса сув ишлатилмайди.

Иккинчидан, мустаҳкамлиги, чидамлилиги оддий қоғозга нисбатан юқори. Ўзидан сув ўтказмайди, доғ юқмайди. Шу боис тошдан олинган қоғоз матбаачиликда, қадоқ ва гулқоғоз ишлаб чиқаришда жуда қулай. Ташқи бозорда харидоргир.

Корхонада 60 киши иш билан таъминланди. Давлатимиз раҳбари иш жараёнини, қоғоз сифатини кўрди.

— Қоғоз тайёрлаш қадимий ҳунармандлик йўналишларимиздан бири. Ўз даврида Самарқанд қоғози дунёга машҳур бўлган. Бу корхона — тарихий анъаналарнинг саноат даражасида қайта тикланиши, — деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз Фарғона вилоятида ишлаб чиқарилаётган импорт ўрнини босувчи саноат маҳсулотларини ҳам кўздан кечирди.

Related Articles

Back to top button