Маданият

Сурхондарёда “Ёшлар дафтари”га киритилган йигит-қизлар муаммоси қандай ҳал этилади?

Термиз шаҳридаги “Ёшлар маркази”да Президентимизнинг ўтган йил декабрь ойидаги Ўзбекистон ёшлари форумидаги нутқи ҳамда жорий йил 27 январдаги ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижросига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Сурхондарё вилоятида мазкур топшириқларни сўзсиз бажариш учун “Ёшлар дафтари”га киритилган йигит-қизлар билан ишлаш, бандлигини таъминлаш, улар ўртага ташлаётган масалалар ечимига тезкор кўмаклашиш мақсадида “Ёшлар маркази”да вилоят штаби ташкил этилди. Штабга бириктирилган ташкилот ва муассасаларга аниқ вазифалар белгилаб берилди. Шунга мувофиқ эндиликда ёшларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, “Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор” тамойили асосида ишсиз ёшларни бириктириш ва уларнинг бандлигини таъминлаш, янги лойиҳаларни ташкил этиш ва корхоналар фаолиятини қайта тиклаш орқали ёшлар учун иш ўринлари яратиш, ёшларнинг тадбиркорлик ва ҳунармандлик лойиҳаларига кредит ажратиш орқали иш ўринлари барпо этиш, хўжалик юритувчи субьектлардаги бўш иш ўринлари ҳисобига ёшлар бандлигини таъминлаш каби йўналишларда тизимли ишлаш йўлга қўйилмоқда.

“Ҳар бир ёшга бир гектар” лойиҳаси ҳамда томорқалардан унумли фойдаланишни ташкил этиш орқали ёшлар бандлигини таъминлаш, “Ёшлар тадбиркорлик зонаси”ни барпо этиб, йигит-қизларни иш билан банд қилиш, ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси орқали ёшларни ижтимоий-қўллаб-қувватлаш, “Ёшлар дафтари” га киритилган йигит-қизларни қўллаб-қувватлаш учун маблағ шакллантириш, уларни маданият марказлари, спорт мактаблари ва умумтаълим мактабларида қўшимча тўгаракларга жалб этишга эътибор кучайтирилаётир.

Вилоят штабига масъул ташкилот ва идоралардан бириктирилган ходимлар ўз йўналишлари бўйича секторларда амалга оширилган ишларнинг кунлик аниқ маълумотларини олиб умумлаштиради. Туман ва шаҳардаги қуйи тизимда ҳам худди шундай иш ташкил этади. Муаммога дуч келаётган ёшлар рўйхатини шакллантириб, вилоят штабига етказади.

Семинарда Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи Шерзод Олимов бу борадаги ишларни ташкил этиш юзасидан тақдимот қилди.

Айни пайтда вилоятда 500 мингдан ортиқ 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган йигит-қиз истиқомат қилмоқда. Ҳозиргача маҳаллабай орқали уйма-уй юрилиб, уларнинг 421 мингтаси хатловдан ўтказилди. 88 мингдан зиёд ёшлар “Темир дафтар”га киритилди. Тақдимотда “Темир дафтар”га киритилган ёшлар билан ишлаш, уларни қўллаб-қувватлаш, дафтардан чиқариш тартиб-таомиллари ҳақида атрофлича маълумот берилди.

–Халқимизда бир болага етти маҳалла ота-она, деган пурмаъно гап бор, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сурхондарё вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири А.Эшмуродов. – Лекин, биз ёшларимиз тарбиясида, бандлигини таъминлашда лоқайдликка йўл қўйганимиз оқибатида улар муаммолар қуршовида қолмадими? Энди бу ҳақда жиддий ўйлаб кўришимиз керак. “Ёшлар дафтари”га киритилган йигит-қизлар билан ишлашда бефарқликка йўл қўймаслигимиз лозим. Бефарқлигимиз вақти келиб, ўзимизга қайтади. Бу – қайтар дунё. Давлатимиз раҳбарининг ёшлар муаммоларига тез-тез эътибор қаратаётганида ана шундай чуқур маъно бор. Бу ишда бефарқликка йўл қўйган, хато қилган раҳбар кечирилмайди. Ваҳоланки, “Ёшлар дафтари”га киритилган йигит-қизлар муаммолари ечимига барчамиз масъул эканимизни унутмаслигимиз керак.

Семинарда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди. Ташкилот ва идоралар раҳбарлари вилоят штабида яратилган шароитлар ва унинг фаолияти билан яқиндан танишди.

Related Articles

Back to top button