Маданият

ҲАР БИР ОНА ЎЗИ ВА ҚИЗИНИНГ САЛОМАТЛИГИ УЧУН МАСЪУЛ

Aёлга бахтли бўлиш учун кўп нарса керак эмас: ҳамиша ёш, чиройли ва соғлом бўлиш. Аслида табиатан инсониятнинг гўзал вакиллари шундай яралганларки, ўз организмида содир бўлаётган барча ўзгаришларга ўта сезгирдирлар. Масалан, ярим килограммга семиргани, юзида арзимас ажин ёки хуснбузар пайдо бўлганини дарров сезади. Aммо баъзида жиддийроқ ва хавфлироқ касалликларни эътиборсиз қолдиришни афзал кўришади.

Аёллар саломатлиги, унга эътибор қаратиш қачондан бошлаш лозимлиги тўғрисидаги бугунги суҳбатимиз Республика аҳоли репродуктив саломатлиги маркази директори, акушер-гинеколог, тиббиёт фанлари доктори Зуфарова Шахноза Алимжановна билан.

– Гинекологлар аёллар саломатлиги тўғрисида қайғуришни қизлик давриданоқ бошлаш лозимлиги ҳақида кўп бора таъкидлашади. Лекин, тан олиш керак, бир неча йил аввал оналарнинг турмушга чиқмаган қизларини гинеколог қабулига олиб бориши тасаввурга ҳам сиғмаган ҳолат эди. Энди эса қишлоқлардаги поликлиникаларда ҳам болалар гинекологи фаолият кўрсатаётганлигини кўрамиз. Ҳозирги вақтда оналаримизнинг ўз қизлари саломатлигига эътиборини қандай баҳолайсиз?

– Болаликдан ўсмирлик ёшига қадам қўйган ҳар бир ўғил-қиз организмида ўзига хос ўзгаришлар кузатилади. Айниқса қиз бола саломатлигига алоҳида эътибор бериш лозим. Балоғат ёшига етгач, ўcмирнинг феъл-атвори, ташқи кўринишида сезиларли даражада ўзгаришлар юз беради. Ота-оналар бу даврда ўз фарзандлари билан яқиндан дўст бўлишлари келажакда келиб чиқувчи жиддий муаммолар юзага келишини олдини олади.

Ҳозирги кунда турмушга чиқмаган қизларини гинеколог қабулига олиб бориш зарурлигини ота-оналаримиз тушуниб етишмоқда, деб ўйлайман. Республика аҳоли репродуктив саломатлиги маркази ходимлари томонидан бу борада бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Маҳалла фаоллари, мактаб ва коллеж ўқувчи қизлари, шунингдек олийгоҳ ёшлари ўртасида маъруза ва очиқ дарсларлар орқали тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Юртимизнинг шаҳар ва қишлоқларида 2018 йилдан бошлаб ҳар бир оилавий поликлиника ва қишлоқ врачлик пунктларида “Қизлар хонаси”, кўп тармоқли марказий поликлиникаларда эса “Қизлар саломатлик марказлари” фаолият юритмоқда. “Қизлар саломатлик марказлари”да болалар гинекологлари хонаси алоҳида ажратилган бўлиб, қиз болалар ҳеч қандай уялиш, қўрқиш, навбатда узоқ кутиш каби ҳолатлардан ҳоли тарзда мутахассис тавсияларини олишмоқда. Ўрта мактаб ўсмир қизлари ўртасида тор мутахассислар: болалар гинекологи, эндокринолог, дерматолог, педиатр томонидан диспансеризация ўтказилиб, аниқланган касалликлар бўйича қизларни ҳудудий поликлиникаларнинг қизлар саломатлик марказлари мутахассисига юборилиб, соғломлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Қиз ўстираётган оналарга мутахассис сифатида тавсияларингиз?

– Она ўз қизи учун биринчи устоз ва асосий ўрнак бўладиган шахсдир. У ўзи ва қизининг саломатлигига учун масъул. Шунинг учун ҳам қуйидаги амалларни ўзи бажариши ва қизини ҳам шунга ўргатиб бориши лозим:

·                  шахсий гигиена қоидаларига амал қилиш;

·                  оғиз бўшлиғи (тишларни, томоқни) ўз вақтида даволаш;

·                  рационал овқатланишига эътибор бериш;

·                  нарколог, психиатр, гинеколог, эндокринолог каби мутахассислар тиббий кўригидан ҳамда УТТ текширувидан ўз вақтида ўтиш;

·                  мунтазам равишда жисмоний машқлар билан шуғулланиш;

·                  соғлом турмуш тарзига риоя этиш;

·                  спиртли ичимликлар ва бошқа зарарли одатларни тарк этиш.

Очиқ ҳавода кўпроқ сайр қилиш руҳий ва жисмоний саломатликни асраш учун катта ёрдам беради. Зеро, соғлом онадан соғлом бола дунёга келади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

Related Articles

Back to top button