Маданият
Шўрчи туман ҳокими Бахтиёр ХУДОЙБЕРГАНОВнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 29 йиллиги билан байрам ТАБРИГИ
Ассалому алайкум, қадрли юртдошлар!
Ватанимиз мустақиллигининг 29 йиллик байрамини нишонлаш арафасида турибмиз. Мана шу қувончли айёмда сиз, азизларни, кўп миллатли бутун халқимизни Мустақиллик куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Бундан йигирма тўққиз йил олдин Биринчи Президентимиз, муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримов халқимиз ва жаҳон ҳамжамиятига Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини эълон қилди.
Ўтган қисқа даврда жонажон Ўзбекистонимиз машаққатли, шу билан бирга, шарафли истиқлол йўлини босиб ўтди. Мард ва матонатли халқимиз қанчалик қийин ва оғир синовларга дуч келмасин, ўзининг мустаҳкам иродасини намоён этиб, ўзи танлаб олган мустақиллик йўлига доимо содиқ бўлиб келмоқда.
Биз учун янги давр, эркин ва озод ҳаётни бошлаб берган шу қутлуғ санада халқимиз қандай машаққатли ва айни вақтда шарафли йўлни босиб ўтганини яна бир бор чуқур ҳис этамиз.
ҚАДРЛИ ДЎСТЛАР!
Халқимизнинг ғурур-ифтихори бўлган мустақиллигимизнинг 29 йиллигини нишонлашдек улкан бахтга эришиб турибмиз. Халқимиз асрлар давомида интилиб, орзиқиб кутган, ҳақиқатан ҳам, барчамиз учун энг улуғ, энг азиз байрам бўлмиш Ўзбекистоннинг Мустақиллиги туфайли биз дунё ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлиб, ёруғ келажагимизни ўз қўлимиз билан бунёд этмоқдамиз.
МУҲТАРАМ ЮРТДОШЛАР!
Бу йилги байрам тантаналари, юртимизда “Сен — қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган шиор остида нишонланмоқда.
Албатта, дунёда мамлакатлар кўп. Лекин Сизу биз учун ягона ва азиз – жонажон Ўзбекистон танҳодир. Она диёримиз дунё илму фанига муносиб ҳисса қўшган не-не олиму фозилларга бешик бўлмаган дейсиз. Ҳазрати Алишер Навоий, Ибн Сино, Бобур, Улуғбекдек шоиру тиб ва коинот илмининг олимлари, соҳибқирон Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Спетамин сингари мард, жасур саркардаларнинг авлоди эканлигимиздан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Жонажон Ўзбекистонимизда, барча шаҳар ва қишлоқларимизда сизлар каби фидойи одамлар сафи янада кенгайиб, олижаноб меҳнатингиз самарасидан аввало ўзингиз, оилангиз, эл-юртимиз баҳраманд бўлсин!
Хонадонларингиздан бахту саодат, файзу барака ҳеч қачон аримасин!
Сизларни Ўзбекистон давлат мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллик байрами билан яна бир бор чин дилдан самимий табриклайман. Ҳамиша ишингиз бароридан келсин, азизлар!
Барчангизга сиҳат-саломатлик, янги-янги ютуқлар, оилавий хотиржамлик ёр бўлсин, фарзандлар, набираларнинг бахту камолини кўриш насиб этсин!
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, жонажон Ўзбекистонимиз омон бўлсин!
МУСТАҚИЛЛИГИМИЗ АБАДИЙ БЎЛСИН!