Маданият

Раҳбарлик жуда оғир…

Кейинги  40 йилдаги раҳбарларнинг ҳаётидан озми-кўпми хабарим бор. Собиқ шўролар даврида маҳаллий  раҳбарларнинг юқори лавозимли  раҳбарлардан  эшитган ҳақоратларини ақлу-ҳуши жойида бўлган одам эшитса жон таслим қиларди, лекин улар чидарди. Ҳалиям деярли ўзгаргани йўқ. Раҳбарлар қўл остидаги ходимларни ҳақоратлайди, керак бўлса калтаклайди ҳам. “Катта бўлгандан кейин ўради-да” деб ўзини овутади кичик раҳбар.

Раҳбарлик жуда оғир…

Лекин нима учундир кўплар раҳбар бўлишни орзу қилади? Раҳбарлик лавозимига ўтириш учун таниш-билишларини ишга солади, лавозимга тайинловчининг “ўтидан кириб, сувидан чиқади.”  Иложини  топса, пора бериб бўлса ҳам мансабга ўтириш учун ҳаракат қилади. Ахир раҳбарлик жуда оғир-ку, хато қилса отасидан эшитмаган ҳақоратларни эшитади… Уни ҳақорат қилувчининг юзига қарай олмайди, муттаҳамдек пастга эгилиб, сукут қилади… Эътироз билдирса, “ўз аризасига биноан” ишдан бўшатилади.

Раҳбарлик жуда оғир…

Ёш йигит эдим, тунги сменада ишлардик. Сменада иш тўхтаб қолди. Ярим тунда катта корхонанинг катта раҳбарининг  эшиги тақиллатдим. У кишининг аралашувисиз иш ҳал бўлмасди. У киши чиқиб келди,  вазиятни айтдим, ҳал қилди. Эрталаб сменадан чиққанимда раҳбаримиз  чақирганини айтишди, уйқусираб раҳбарнинг хонасига кирдим . “Кечқурун кеч тушиши билан тонг отгунча юрагимни ҳовучлаб чиқаман орган ходими чақирмасин деб. Нега эшигимни тинмай тақиллатдинг, аҳмоқ!”-қичқирди раҳбаримиз. “Қўрқсангиз ўрнингизни қўрқмайдиган бўшатиб беринг, иш тўхтаб қолгандан кейин бораман-да!”-бўш келмадим мен. “Тўғри айтасан, ишни топшираман”-деди раҳбаримиз. Орадан бир ҳафта ўтиб мени ишдан бўшатишди, раҳбаримиз пенсияга чиққандан кейин ҳам узоқ ишлади.

Раҳбарлик жуда оғир…

Ўзига  ишониб топширилган вазифани уддалай олмай ҳақоратланган, калтакланган, шармандаларча ишдан ҳайдалган раҳбарларнинг анчасини кўрдим, лекин “Мен ўзимга топширилган вазифани уддалай олмадим, менинг истеъфомни қабул қилиб, лавозимдан озод қилинглар!” деган мансабдорни кўрмадим. Унинг ўрнига “Мени бир марта кечиринглар, охирги марта имкон беринг, ишончингизни оқлайман!” дегувчи юзсиз раҳбарларни кўп кўрдим.

Раҳбарлик жуда оғир…

Оловжон

Related Articles

Back to top button