Маданият
Адлия вазири: Айрим мансабдорлар ҳақини талаб қилган, танқид қилган, муаммони видеога олиб оммага эълон қилганларни хуш кўрмайди
Лекин Президентимизнинг энг асосий талаби шундайки, давлат органлари халқ учун ишласин, бу ғоя ҳар қандай мансабдорнинг кундалик иш услубига айлансин.
Олий Мажлис Сенати бешинчи ялпи мажлисида Адлия вазири Русланбек Давлетовнинг Ўзбекистон Республикасида 2019 йилда ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасида амалга оширилган ишлар юзасидан ахбороти эшитилди.
Адлия вазир таъкидлаганидек, ўз ҳуқуқини биладиган, қонунларни тушунадиган шахснинг талаби ҳам юқорироқ, сўзи ҳам ўткирроқ, қадами ҳам дадилроқ бўлади.
Ҳуқуқий онг ва маданият нафақат аҳоли, балки давлат ва жамият манфаатларига ҳам хизмат қилади. Давлатнинг манфаати нимада, деб савол берадиган бўлсак, давлат учун аҳолининг юқори ҳуқуқий маданиятининг мавжуд бўлиши мамлакатда қонунга итоаткорлик қадриятларининг шаклланишига, тартиб, интизом, тинчлик, осойишталик бўлишини таъминлайди. Энг асосийси, ҳуқуқий онг фуқарони адолат излаш ва талаб қилиш, унинг ўз ҳақиқатини рўёбга чиқариш, ҳукуматни ҳисобдорликка чақириш йўлида қуроллантиради.
— Айрим давлат органлари, айрим мансабдорлар ҳақини биров талаб қилса, танқид қилса, ҳисобдорликка чақирса, аудио ёзувга олса, видеога олса ва оммага эълон қилса хуш кўрмайди, — деди вазир. – Лекин Президентимизнинг энг асосий талаби шундайки, давлат органлари халқ учун ишласин, бу ғоя ҳар қандай мансабдорнинг кундалик иш услубига айлансин. Яъни, давлат аҳолининг ҳуқуқий онгини оширишга ҳаракат қилар экан, ўзи ҳам шу талабларга қараб ўзгариши, ўз фаолиятини яхшилаши керак ва жамиятнинг талаби ошишига ва бу талабни қондиришга тайёр туриши керак.
Шунинг учун, бугунги кунда жамиятимизда ҳуқуқий онг ошяптими, деган саволга бемалол ижобий жавоб бера оламиз. Чунки айнан шундай жараён Ўзбекистонда юз беряпти, очиқликни таъминлашга қараб кетяпмиз, мансабдорларнинг ҳисобдорлиги ошди, ахборот алмашинувининг тезлашди. Балки кимларнингдир ўлчовларига мос келмас, лекин энди бу жараён тўхтамайди.