Маданият

РАСМИЙ МУНОСАБАТ

Денов туманидаги “Боғи Эрам” маҳалласида яшовчи фуқаро Насриддин Кабиров ижтимоий тармоқ орқали Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Обод қишлоқ” дастурини 2018 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПК-3630-сонли қарорига мувофиқ тумандаги “Боғи Эрам” маҳалласида “Обод қишлоқ” давлат дастури доирасида амалга оширилган ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлардан норози бўлиб такрорий мурожаатлар билан чиқмоқда.

Фуқаро Насриддин Кабировга ҳар бир мурожаатига нисбатан қилинган ишлар бўйича ва кўча чироқларининг ишлаши давомида носоз бўлган ҳолатларида ҳам таъмирланиб берилгани маълум қилинган.

Дастур бўйича умумий қиймати 5 млрд. 76 млн сўмлик маҳалладаги мавжуд 4 та ижтимоий соҳа объектларида, яъни, 50-мактаб, 55- мактаб, 1- мактабгача таълим муассасаси ва қишлоқ врачлик пункти биноларида вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” ИК буюртмачилигида капитал таъмирлаш ишлари бажарилган. Қиймати 895 млн. сўм бўлган 2 дона ичимлик суви минорасини таъмирлаш, 2 та сув минорасини янгидан ўрнатиш ва қувур тортиш ишлари амалга оширилган.

Шу сингари, маҳаллада электр таъминотини яхшилаш бўйича 1 та Ф-2 ТП-201А рақамли трансформаторни реконструкция қилиш ва 7 та мавжуд ТП ни таъмирлаш ишлари режалаштирилган ва амалда тўлиқ бажарилган. Бундан ташқари 6,1 км ҳаво электр узатиш тармоқлари реконструкция қилиниши кўзда тутилган бўлсада, амалда 6,485 км бажарилган ва 75 дона ёғоч электр устунлари темир-бетон устунларга алмаштирилган

Газ таъминоти бўйича режада кўрсатилган 130 дона суюлтирилган газ баллонлари тўлиқ аҳолига етказиб берилган.
Режага кўра қурилиши лозим бўлган 1,0 км пиёдалар йўлакчаси 2,6 км узунликда ҳашар йўли билан қуриб битказилган. Режадаги 1,5 км гулзорлар ташкил этиш эса 3,0 км қилиб бажарилган бўлса, қўшимча тарзда 500 тупдан ортиқ манзарали дарахтлар ихтиёрий ҳомийлик бўйича ҳашар йўли билан экилган.

Дастур доирасида 46 дона уй-жойларни таъмирлаш режалаштирилган бўлиб, амалда 56 та уй-жойлар таъмирланган.
Шу каби 2 дона 2 қаватли кўп хонадонли уй-жойлар таъмирланиши режалаштирилган, амалда 2 дона кўп қаватли уй-жойлар таъмирланган. Мавжуд шароитни инобатга олиб, қўшимча тарзда ҳомийлик ва ҳашар йўли билан янгидан ташқи ҳожатхоналар ҳам қуриб берилган.

Умумий 480,2 млн. сўм қийматда жами 3,537 км йўллар таъмирланган. Шундан, 1,702 км асфальтлаш ва 1,815 км тошлаш ишлари амалга оширилган. Бунга қўшимча тарзда, мавжуд шароитни ҳисобга олиб 2,5 км дан ортиқ ички йўллар ҳашар йўли билан тошланган.

Маҳалланинг Р.Узоқова, А.Темур, Ат-Термизий кўчаларида тунги ёритиш чироқлари ўрнатилган.
Режага кўра, 7 та бозор инфратузилма объектлари қуриш-таъмирлаш белгиланган, ушбу объектлар тўлиқ ишга туширилган. Замонавий типдаги ҳаммом ва супермаркет бинолари шулар жумласидандир.
Таъкидлаш жоизки, маҳалла аҳолисига қулай шарт-шароитлар яратиш ва маҳаллани янада ободонлаштириш мақсадида қўшимча тарзда қуйидаги ишлар ҳам бажарилган.
Даставвал, маҳалланинг кириш қисмида дарвоза сифатида муҳташам арка ўрнатилди.

Маҳалланинг имконияти кам деб ҳисобланган қатор хонадонларига маънан эскирган, бузилган деворларини тиклаш, уйларини таъмирлаш учун 80 минг донадан ортиқ пишган ғишт, 12 минг донадан ортиқ блок ғишт, 30 тоннадан ортиқ цемент, 400 кг дан ортиқ бўёқ ва 300 м3 дан ортиқ қум-тош маҳсулотлари беғараз етказиб берилган.

Шу сингари, қарийб 300 метр лоток қуриш, 700 метр ариқни бетонлаш ишлари, маҳалла марказида автомобиллар тўхташ жойи қуриш ишлари ҳашар йўли билан амалга оширилган. Ғишт териш, сувоқлаш, бўёқлаш, қурилиш ва маиший чиқиндиларни олиб кетиш, ички ариқларни тозалаш ва шу каби ободонлаштириш ишлари ҳашарчи-ишчилар жалб этиш орқали амалга оширилган.
Бундан ташқари, давлат ва хусусий шериклик асосида “Маҳалла фуқаролар йиғини” ва профилактика инспектори учун идора биноси қурилган ва ҳозирда фойдаланиб келинмоқда. Шунингдек, қурилган инфратузилма объектлари таркибида китоб савдосини йўлга қўйиш таклифи маъқулланган.

“Боғи Эрам” маҳалласида тумандаги мавжуд корхона ва ташкилотларнинг аксарият қисми, бир қанча ихтиёрий ҳомий ташкилотлар, тадбиркорлар ва 800 нафардан ортиқ ҳашарчи-ишчи кучлари, 30 дан ортиқ транспорт воситалари беғараз жалб қилинган ҳолда дастур тўлақонли бажарилган.

Ушбуни инобатга олиб, жамиятдаги барча жараёнларга бефарқ бўлмаган фуқароларимиздан Денов тумани мансабдор шахсларини обрўйсизлантириш мақсадида, ижтимоий тармоқда тарқатилаётган бу ёлғон ахборотга ишонмасликларини сўраймиз.

Ижтимоий тармоқлардаги гуруҳ администраторлари ҳамда шахсий аккаунт эгаларига эса, аҳоли орасида турли миш-мишлар пайдо бўлишига, уларда салбий фикр ва ишончсизликни шакллантиришга олиб келадиган ушбу мазмундаги туҳматли гаплар ва ёлғон маълумотларни тарқатиш қонун олдида жавобгарликни келтириб чиқаришини эслатиб ўтамиз.

Денов тумани ҳокимлиги

Related Articles

Back to top button