Маданият

“Гиёҳвандлик аср вабоси”

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси 1995-йил февраль ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 1961-йилдаги “Наркотик моддалар тўғрисида”гиЯгона Конвенцияси, 1971-йилдаги “Психотроп моддалар тўғрисида»ги ҳамда 1988-йилдаги “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши кураш тўғрисида»гиКонвенцияларига аъзо бўлган. 1999-йилда Ўзбекистон Республикасининг «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида»гиҚонуни қабул қилинган бўлиб, мазкур қонунга мувофиқ гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан қонунга зид равишда муомалада бўлишнинг ҳар қандай кўринишларига қарши жиноий жавобгарлик белгиланган. Мамлакатимизда гиёҳванд моддалар савдоси ва истеъмолига қарши кескин чоралар кўрилаётган бўлса-да, бугун гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши энг хатарли ва долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Гиёҳфурушлар янги усул ва найрангларни қўллаб, заҳри қотилни сотиш ҳаракатларини давом эттиришмоқда. Улар манфур мақсадларини амалга ошириш йўлида ҳали дунёқараши шаклланмаган, ўзгалар таъсирига тушиб қолишга мойил ёшлар умрига зомин бўлишмоқда.

Ўзбекистонда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан ҳамкорликда божхона органлари томонидан ҳам трансмиллий наркогуруҳларнинг қонунга зид фаолиятини аниқлаш ва чек қўйиш, контрабанда каналларини ёпиш, гиёҳванд ўсимликлар майдонларини йўқ қилиш ва гиёҳвандлик иллати ёйилишининг олдини олиш бўйича махсус комплекс операциялар мунтазам равишда амалга оширилмоқда.

Ўйламай босилган қадам кўп ҳолларда афсус-надоматга сабаб бўлади. Нега деганда, таваккалчилик ҳамиша ҳам муваффақиятга етаклайвермайди. Аҳоли орасида мунтазам олиб борилаётган профилактик тарғибот ва тушунтириш ишларига қарамасдан, ҳудудларда ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар сони камаймаяпти. Афсуски, таваккалчиликни хуш кўрадиган айрим нопок кимсалар ўз ғараз мақсадларини амалга ошириш учун ҳар қандай разилликдан тап тортмайди.

Гиёҳвандлик бутун дунёда кенг жамоатчиликни ташвишга солаётган энг долзарб муаммолардан ҳисобланади. Зеро, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш билан боғлиқ жиноятларнинг ижтимоий хавфлилик даражаси жуда юқори. Наркотик ва психотроп моддаларни истеъмол қилишнинг ортиши биринчи ўринда оғир касалликлар ва жиноятлар содир этилишининг кўпайишига олиб келади.

Гиёҳвандлик — жиноятчилик билан боғлиқ ҳодиса. Биринчидан, наркотикларни қўлга киритиш ёки уларнинг олдини олиш учун пул топиш мақсадида оғир оқибатли қасддан жиноятлар содир этилади. Иккинчидан, наркотик моддаларни қабул қилиш таъсири остида тез-тез жиноятлар содир этилади.

Гиёҳвандлик билан жиноятчилик ўртасидаги боғлиқлик гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши оқибатида юзага келадиган ҳуқуқбузарлик ҳаракатларининг содир этилишида намоён бўлади.

Бугунги глобаллашув жараёнида турли фан-техника, иқтисод соҳаларида кескин ўзгаришлар рўй бермоқда ва бу ўзгаришлар инсонларнинг замон талабларига мос равишда билим ва кўникмаларини шакллантиришларига, ўз устиларида янада кўпроқ ишлашларига ундамоқда. Кимдир савдо соҳасида, кимдир ИТ соҳасида, кимдир фан- техника соҳасида ва яна кимлардир давлат хизматларида турли йўналишларда ўз фаолиятларини олиб бормоқдалар. Барчамизга маълумки қаерда ривожланиш бўлса, ўша ерда жиноятчилик ҳам ривожланиб боради. Жиноятларни ким ёки кимлар содир қилади деган саволга эса, биз юқорида таъкидлаб ўтган соҳаларда фаолият юритмайдиган, ўз устида ишламайдиган ёки бўлмасам моддий жиҳатдан етарли даражада таъминланган оилаларнинг фарзандлари ёхуд моддий жиҳатдан қийналган оилалар томонидан турли даражадаги жиноятлар содир қилинмоқда баъзи жиноятлар оилавий тарзда содир қилинаётгани эса жуда ачинарли ҳолат. Бугунги кунда тадбиркорликка кенг имкониятлар яратиб берилаётган бир даврда гиёҳвандлик воситалари савдоси ҳам авжига чиқиб бормоқда. Ҳукуматимиз томонидан ҳар бир жамиятимиз аъзоларига ҳалол ризқ билан меҳнат қилиш учун етарли имкониятлар яратиб беришга ҳаракат қилинаётган бир даврда, турли наркосиндикатлар ҳамда наркобозорлар ўртасида яқин алоқалар ўрнатилиб наркобизнес трансмиллий хусусият касб этиб бормоқда.

Бугунги кунда турли халқаро ташкилотларнинг берган маълумотларига кўра ер юзи аҳолисининг деярли 500 млндан ортиқ қисми гиёҳвандлик воситаларини ва психотроп моддаларни истеъмол қилиб келмоқда. Ўзбекистонда эса 5 мингга яқин фуқаро гиёҳвандликка қарам кишилар ҳисобида туради. Гиёҳвандликка қарам кишилар ҳисобида турган фуқароларнинг 31 фоизини 20-40 ёшдагилар ташкил этади. Бундан ташқари, уларнинг 1,8 фоизида ОИВ инфекцияси аниқланган. Барчамизга маълумки гиёҳвандлик инсониятни жисмоний ва руҳий жиҳатдан тубанликка элтувчи, ақл-идрокдан маҳрум этиб, бу дунёда ҳам у дунёда ҳам инсоннинг хорлигига етакловчи офатдир. Гиёҳванд моддалар инсонни айни куч-қувватга тўлган даврида алкоголга нисбатан 4- 6 баробар тезроқ ҳалокатга учратади. Баъзи олимларнинг эътироф этишига қараганда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалари савдоси авж олган мамлакатларда ушбу жирканч иллатга ружу қўйиш қуйидаги асоратларни келтириб чиқармоқда:

  1. Иқтисодий асоратлар: катта пул сарфланиши, даромадларнинг йўқолиши, ишни йўқотиш, қарзга ботиш, талончилик ва тиланчилик;
  2. Маънавий асоратлар: оилаларнинг бузилиши, бефарқлик, тушкунлик, норозилик, худбинлик,маҳдудлик;
  3. Жиноий асоратлар: ўғрилик, босқинчилик, одам ўлдириш, уриш ва террор;
  4. Тиббий асоратлари:

— одамнинг онги хиралашади, ҳис-туйғулари кескин равишда ўзгаради, фикрлари чалкашиб кетади;

— кўзига ҳар хил қўрқинчли нарсалар кўринади, қаттиқ қўрқади;

— жинсий майл йўқолади ва мижоз кескин сусаяди;

— гиёҳванд моддаларни инфекция йўли орқали қабул қилиниши оқибатида ОИТС билан касалланиш даражаси ортади .

Юқоридаги дунёвий асоратлардан ташқари мусулмон кишининг гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилиши муқаддас ислом динимизда ҳам қаттиқ қораланади. Хусусан ҳадиси шарифда келтирилишича “Пайғамбар (с.а.в.) ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар” дейилган (Аҳмад ва Абу Довуд ривояти). Мазкур ҳадиси шариф ҳар қандай турдаги гиёҳвандлик ҳаром эканига далолат қилади.

Статистик маълумотларга қараганда баҳор ва куз ойларида гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ғайриқонуний истеъмол қилувчи шахсларда касаллик асоратлари кучайди ва бу даврда мазкур моддалар савдоси авжига чиқади. Гиёҳвандлик воситаларининг қонунга хилоф муомаласига оид жиноят ишлари таҳлили шуни кўрсатадики, мазкур турдаги жиноий қилмишларнинг 60 фоизи айнан февраль-апрель, 25 фоизи сентябрь ноябрь, 15 фоизи эса, бошқа даврларда содир этилади.

Ҳозирги кунда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1987-йил 7-декабрдаги қарорига асосан, 26-июнь «Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни» деб эълон қилинган ва мазкур ташкилот томонидан “Наркотик моддалар тўғрисида”ги, “Психотроп моддалар” ҳамда “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши қураш тўғрисида”ги конвентсиялар қабул қилинган. Ўзбекистон Республикасида ҳам халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган     нормаларини тан олган ҳолда 1999-йил 19-август куни Ўзбекистон Республикасининг “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида” Қонуни қабул қилинган . Мазкур қонунга асосан юртимизда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйишга қаратилган бир қатор тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Жорий йилнинг дастлабки 6 ойида республикамиз ҳудудида 368 кг гиёҳвандлик воситаси айланмасига чек қийилди. Хусусан, Тошкент вилояти ҳудудида гиёҳвандликнинг ҳар қандай турига қарши кескин ва муросасиз курашиш ва бу орқали жамиятда соғлом муҳитни яна-да яхшилашга қаратилган 19731 та махсус профилактик тадбирлар ўтказилди ва “Хавфсиз ҳудуд” “Қора дори” тезкор профилактик тадбирларини ўтказиш жараёнида аниқланган алкоголни суиистеъмол қилувчи ёки гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддалар ва ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддаларни истеъмол қилувчи 6835 нафар шахслар аниқланди . Бу жараёнда ички ишлар органларининг бир қатор ходимлари жонкуярлик кўрсатишди ва гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қийишди. Масалан ана шундай фидойи ходимлардан Чиноз тумани ИИБ ҲПБ профилактика инспекторлари лейтенант А.Полвонов катта лейтенант Н.Нуриддинов томонидан “Қора дори-2021” доирасида кўрилган чора- тадбирлар натижасида гиёҳвандлик воситалари, хусусан, каннабис ва марихуана етиштириш учун ташкил қилинган “махсус лаборатория” аниқланган ва фош этилган .

Халқимизнинг эркин ва фаровон ҳаёт кечириши ва бугунги кунидан рози бўлиши учун давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бир қатор вазирлик ва идоралар томонидан туну- кун меҳнат қилинаётган бир вақтда айрим иродаси суст ўсмирларимиз гиёҳвандлик балосига мубтало бўлаётгани барчамизни ташвишга солади. ,,Аср вабоси деб аталаётган бу- жирканч иллатнинг ёшлар орасида кенг авж олаётганлиги янада аянчли ҳолат ҳисобланади бунинг оқибатида қанчадан қанча тинч-тотув яшаётган оилаларни барбод бўлмоқда ва қанчадан қанча болалар этим қолмоқда ва яна қанчадан қанча бегуноҳ гўдаклар нуқсон билан дунёга келмоқда. Шунингдек, ушбу жирканч иллат гиёҳвандлик ОИТС, гепатит, сил каби оғир ва бедаво хасталикларнинг тарқалишига ҳам сабаб бўлмоқда. Сўнгги йилларда гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларга қарам шахслар ёшининг қуйи чегараси 17-30 ёшлар ўртасида кузатилмоқда ва мазкур турдаги гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилишга асосий сабаблардан бири сифатида эса шахснинг оғир оилавий шароитларда тарбиялангани, хўрлаш, таҳқирлаш, шафқатсиз муомалага дучор бўлганлиги эътиборсизлик ёки ҳаддан ташқари ортиқча эътибор қаратиш асосий сабаби қилиб кўрсатилмоқда. Бундай шароитларда тарбияланаётган ёшлар эса наркотик воситалар билан савдо қилувчи ,,уддабурон тадбиркорларга яхшигина ,,ўлжа”бўлади.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда гиёҳвандлик воситаларини о’стириш ва сотишга қараганда психотроп моддалар ва уларнинг аналогларини дорихоналардан олиш ҳоллари ёшлар ўртасида кенг тарқалмоқда шу сабабли биз ушбу турдаги психотроп моддалар ва уларнинг аналогларини ноқонуний айланмасига чек қўйиш учун қуйидаги таклифларни бермоқчимиз:

  1. Ҳар бир ҳудуддаги дорихоналарда психотроп моддалар ва уларнинг аналогларини сотилиш ноқонуний сотилиш ҳолатларини ҳудудий профилактикка инспекторлари томонидан қат’ий назоратга олиш;
  2. Беморларга таркибида психотроп моддалар ва уларнинг аналоглари бўлган дори воситаларини ҳар бир ҳудуддаги шифохоналар, диагностик клиникаларда фаолият юритаётган шифокорларнинг махсус рецепти асосида бериш;
  3. Ҳар бир ҳудуддаги шифохоналар ва диагностик клиникаларда фаолият юритаётган шифокорлар томонидан кимга қанча миқдорда таркибида психотроп моддалар ва уларнинг аналоглари бўлган дори воситаларини сотиб олиб, даволаниш учун махсус рецепт ёзиб берганлигини кунлик юритиб бориш ва ҳар ойнинг охирги 3 кунлигида шифохоналар ва диагностик клиника раҳбарлари томонидан ҳудудий ички ишлар органларига ҳисобот топшириш;
  4. Ҳар бир дорихоналарда таркибида психотроп моддалар ва уларнинг аналоглари бўлган дори воситаларини қайси шифокорнинг махсус рецепти асосида қанча миқдорда сотганлиги ҳисобини кунлик юритиб бориш ва ҳар ойнинг биринчи 3 кунлигида дорихона раҳбарлари томонидан ҳудудий ички ишлар органларига ҳисобот топшириш.

Бизнинг фикримизча юқорида берган таклифларимиз албатта ўзининг ижобий натижасини беради ва жамиятимизда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйишга яхшигина имконият яратиб беради.

Хулоса қилиб айтишимиз мумкинки, бугунги кунда юртимизда ,,Барча сайи ҳаракатлар инсон қадри учун деб номланган эзгу мақсад йўлида ҳаракат қилинаётган даврда фуқароларимизнинг мана шундай жирканч иллатга ружу қўйиши юқорида таъкидлаб ўтганимиздек бир қатор салбий оқибатларга олибкелиши мумкинлиги миллий ва халқаро мутахассис олимларнинг тадқиқотлари натижасидан ҳам аён бўлди. Ҳозирги кунда жамиятимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш ва жиноятчиликка қарши курашиш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси сифатида баҳоланиб қолинаётган ҳолатлар ҳам учраб турибди. Бизнинг фикримизча, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш ва жиноятчиликка қарши курашиш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг, балки жамоат ташкилотлари, фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари, оила ва таълим муассасалари билан ҳамкорликдаги фаолияти ҳисобланади . Шу сабабли ҳам жамиятимизда ёшлар ўртасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар айланмасига чек қўйиш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш учун барчамиз бирдек масъулмиз

Термиз туманлараро маъмурий

суди судья ёрдамчиси                                                                    М.Жумаев

Related Articles

Back to top button